14 октябрь, чоршанба08:56Тошкент +22°

Иқтисодий газета · Биржа · 1994 йилдан буён

МБ курси
USD11 913,35▲ 14,26EUR13 328,66▲ 30,24RUB142,39▲ 0,86CNY1 779,76▲ 1,87GBP15 779,23▲ 35,54JPY75,32▲ 0,29KRW8,89▼ 0,04CHF14 312,05▲ 29,14KZT26,51▲ 0,11
Жамият

Коронавирусдан касалланган беморларни даволашда кўмаклашиш учун Германиядан мутахассислар келиши кутилмоқда

Яқинда Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимланган.

1 дақиқа ўқиш35 марта ўқилди

20 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари пандемияни жиловлаш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, Мустақиллик байрамини бундай шароитда нишонлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Жумладан, қайд этилишича, бугунга келиб мамлакатимизда жами коронавирус юқтирганлар сони 37,5 мингдан ошди, шундан 33 мингдан зиёди ёки 88 фоизи соғайди. 4 мингта беморни даволаш ва оиласи бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев бундай натижалар юртимиз тиббиёт ходимларининг буюк хизмати эканини алоҳида айтиб ўтди. Вазият айниқса, Тошкент шаҳрида ижобий томонга ўзгараётгани, яқинда Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимлангани, Германиядан яна мутахассислар келиши кутилаётгани қайд этилди. Хорижлик экспертлар асосан оғир аҳволдаги касалларни энг замонавий услублар асосида, тизимли равишда даволашга жалб этилмоқда, деди Президент.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, айни ҳафталар биз учун синовли давр бўлади. Кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши кейинги ҳафтада аён бўлади.

Лекин, аҳоли томонидан шифокорлар тавсияларига, яъни ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, оилавий маросимларни ихчамлаш каби қатъий эҳтиёт чораларига риоя қилинмас экан, давлат карантин чекловларини қайтадан татбиқ қилишга мажбур бўлиши қайд этилди.

Шу муносабат билан, ҳар биримиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, ҳаракатларимизда эпидемилогик талабларга сўзсиз амал қилишга одатланишимиз кераклиги яна бир бор тайинланди.

Шу боис, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва вазирларга доимий равишда вазиятни таҳлил қилиб, COVID-19 тарқалишини қатъий чеклаш, беморларни самарали даволаш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш бўйича барча чораларни кўриб бориш топшириғи берилди.

Ўзб
↑↓ танлашEnter очишЁзишни бошланг — натижалар дарҳол чиқади