“Яширин иқтисодиёт” улуши қисқартирилади
“Яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш мақсадида “йўл харитаси” тасдиқланди. Унга кўра, иқтисодиётда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикасида “Яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, қуйидаги устувор йўналишларни назарда тутувчи “Яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди:
- иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартиришга қаратилган таркибий ўзгаришларни амалга ошириш;
- иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва маркировкалаш;
- иқтисодиётда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини ошириш;
- банк хизматларининг оммабоплигини ошириш;
- “яширин иқтисодиёт” субъектларини аниқлаш механизмларини такомиллаштириш;
- ташқи савдода “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш бўйича самарали тизимни жорий этиш;
- “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил қилиш.



