14 октябрь, чоршанба08:08Тошкент +22°

Иқтисодий газета · Биржа · 1994 йилдан буён

МБ курси
USD11 913,35▲ 14,26EUR13 328,66▲ 30,24RUB142,39▲ 0,86CNY1 779,76▲ 1,87GBP15 779,23▲ 35,54JPY75,32▲ 0,29KRW8,89▼ 0,04CHF14 312,05▲ 29,14KZT26,51▲ 0,11
Иқтисодиёт ва бизнес

Ипотека-банк халқаро облигацияларини йирик хорижий инвесторларга сотди

Ипотека-банкнинг халқаро облигациялари буюртмалари ҳажми 1 соат ичида 300 млн. долларни ташкил этди. Савдо жараёнида буюртмалар ҳажми 500 млн. АҚШ долларидан ошиб, эмитент учун бошланғич фоиз ставкасини туширилди.

2 дақиқа ўқиш57 марта ўқилди

Ипотека-банк томонидан жорий йилнинг 12 ноябрь куни 300 млн. АҚШ доллари миқдорида 5 йиллик халқаро облигациялар чиқарилди ва бу орқали банк халқаро капитал бозорининг иштирокчисига айланди, деб хабар бермоқда Ипотека-банк матбуот хизмати.

Халқаро облигацияларнинг дебют эмиссияси J.P. Morgan (АҚШ), Raiffeisen Bank International AG (Австрия), MUFG (Япония) ва Societe Generale (Франция) каби халқаро миқёсда тан олинган андеррайтинг банклари тавсиялари асосида амалга оширилди.

Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган роуд-шоу тадбири доирасида АҚШ, Европа, Россия Федерацияси ҳамда Осиё мамлакатларида фаолият олиб бораётган 70 дан ортиқ етук халқаро инвесторлар иштирокида глобал аудиоконференция (Global Investor Call) ўтказилди.

Ушбу тадбир доирасида Молия вазирлиги ва Ипотека-банк вакиллари хорижий инвесторларга жорий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлари, шу жумладан ҳукуматимизнинг йирик тижорат банкларини капиталлаштириш стратегияси, уларни хусусийлаштириш режалари, шунингдек, соҳанинг ривожланиш истиқболлари муҳокамалар марказида бўлди. Айни вақтда, Ипотека-банк томонидан еврооблигацияларнинг чиқарилиши нафақат банк, балки бутун мамлакат иқтисодиёти учун муҳим воқеа эканлиги таъкидлаб ўтилди. Бу бўйича, 20 нафарга яқин йирик халқаро инвесторлар билан яккама-якка учрашувлар ташкил этилди ва музокаралар ўтказилди.

Йирик инвесторлар сўнгги йилларда банкни трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштириш бўйича Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга алоҳида қизиқиш билдирдилар.

2020 йил 12 ноябрда инвесторларнинг таклифлари асосида молиявий консультантларнинг тавсияларига кўра, Ипотека-банкнинг халқаро облигацияларининг бошланғич фоиз ставкаси 5.625% этиб белгиланди ва Лондон вақти билан соат 09:00 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди.

Буюртмалар ҳажми 1 соат ичида 300 млн. долларни ташкил этиб, режа қилинган эмиссия ҳажми тўлиқ қопланди. Савдо жараёнида буюртмалар ҳажми 500 млн. АҚШ долларидан ошиб, эмитент учун бошланғич фоиз ставкасини тушириш имкониятини берди.

Лондон вақти билан 15:00 да якуний фоиз ставкаси ва купон қарийб 0,125% бирликка туширилиб, 5,5% этиб белгиланди. Халқаро облигациялар Буюк Британия (27%), Швейцария (22%), Германия (18%), АҚШ (11%) ва бошқа бир қатор Европа ва Осиё (22%) давлатларининг инвесторлари орасида тақсимланди.

Ушбу халқаро облигацияларни жойлаштиришдан тушган маблағларнинг мамлакатимиз ривожида ўз ҳиссасини қўшадиган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга, шунингдек тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадларига йўналтирилиши режалаштирилган.

Ўзб
↑↓ танлашEnter очишЁзишни бошланг — натижалар дарҳол чиқади