Хорижда коронавирус юқтирган ўзбекистонликлар сони ошди
Аввалроқ коронавирусга чалингани тасдиқланган хориждаги ўзбекистонликлар сони 23 нафарни ташкил этаётган эди. Уларнинг тўрт нафари вафот этган. Айни вақтга келиб хорижда коронавирус юқтирган ўзбекистонликлар сони ортган.

Хорижий мамлакатларда бўлиб турган 73 нафар Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланган. Бу ҳақда 18 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Авазбек Ҳожиматов маълум қилди.

Хорижда нечи нафар Ўзбекистонлик коронавирус юқтириб олганлиги тўғрисида маълумот берилди
18 апрель ҳолатига ТИВ оператив штабида мавжуд маълумотларга кўра, Австрия, Арманистон, АҚШ, БАА, Греция, Исроил, Корея, Покистон, Россия, Таиланд, Туркия, Япония ва Қозоғистонда бўлиб турган 73 нафар Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланган.
"Келтирилган давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаримиз бемор ватандошларимиз ва уларнинг яқинлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибди. Шу билан бирга зарурий консуллик ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатишяпти", деди Авазбек Ҳожиматов.
ТИВ матбуот котиби ўз чиқишида хориждаги ватандошларни коронавирус қарши кураш бўйича маҳаллий маъмурият талабларига тўлиқ риоя этиш, жамоавий тадбирларда қатнашмаслик, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик ва барча эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.



