Август ойида инфляция даражаси 0,5% даражасида бўлиши кутилмоқда
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 0,3 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,8 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар бир ой ичида 0,4 фоизга қимматлашди.

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, август ойида икки ойлик дефляциядан сўнг товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача даражаси 0,5 %га ўсиши кутилмоқда. Жорий йил бошидан буён нархларнинг ўсиши 4,8% ни ташкил этади (2019 йил январь-август - 8,2%). Шу билан бирга, биринчи марта инфляция йиллик кўрсаткичда (2019 йил августдан 2020 йил августгача) 11,6 %гача (жорий йилнинг июль ойида 14,3 фоиз) пасайганлигини таъкидлаш лозим.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра:
1.Жорий йилнинг август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 0,3% га қимматлашди
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг асосий омили сабзавот (7%), гўшт (1,9%) ва ёғ (1,4%) маҳсулотлари, шунингдек, умумий овқатланиш (1,3%) нархларининг ўсиши бўлди. Бунга ўз навбатида карантин чекловларининг бекор қилиниши, аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг оқибатида талабнинг ўсиши сабаб бўлиши мумкин.
1-расм. 2020 йил август ойи учун вилоятларда сабзавот нархларининг индекси, (%)

Гўшт маҳсулотларининг нархи 1,9% га, ёғ маҳсулотлари 1,4% га ўсди.
2-расм. 2020 йил август ойи учун турли хил гўшт турларининг нархлари индекси, (%)
Мева ва сабзавотлар нархларининг мавсумий пасайиши давом этди (2,9%). Хусусан, мева нархи 7,6 фоизга, картошка 1,7 фоизга арзонлашди. Қовун ва тарвуз (-26%), узум (-22%), олма (-18%), нок (-12%), помидор (-11%) ва булғор қалампири (-10%) нархлари анча пасайган.
3-расм. 2020 йил август ойи учун вилоятларда мевалар нархлари индекси, (%)

2.Бир ой давомида ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга ўсди
Инвестиция фаоллигининг ошиши, қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳажмининг ўсиши асосий қурилиш материаллари нархларига (3,9%) таъсир қилди. Цементнинг чакана нархи + 17% га ўсди. Автомобиллар учун ёқилғи нархи + 2% га кўтарилди.
Маълумот учун: жорий йилнинг 24 июлидан 24 августигача цементнинг биржа нархи бир тонна учун 845,5 минг сўмдан 729 минг сўмгача пасайди (-14%), бу жорий йилнинг сентябрь ойида инфляция даражасига чек қўяди.
- Аҳолига пуллик хизматлар бир ой ичида + 0,4 фоизга қимматлашди
Аҳолига маиший хизматлар + 0,8%га, йўловчи транспорти хизматлари + 1,34% га ўсди. Ҳаво транспорти деярли + 7 % қимматлашди.
Вилоятлар кесимида нархларнинг сезиларли даражада ўсиши Тошкент (0,8%), Навоий вилояти (0,7%), шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида (0,6%) қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг жамоатчилик билан алоқалар хизмати



