Умид Абидходжаев: Вирус жуда кўпчиликка юқади, ҳамма гап бу муддатни узайтиришда
Оксфорд университетининг баҳоларига кўра, 18-23 миллион, яъни 70 фоиз одам коронавирус касаллигини бошидан ўтказиши керак. Ҳамма масала уларнинг касалланиши даврини узоқ муддатга чўзишда, дейди Умид Абидходжаев.

Халқаро пресс-клубнинг 20 июлдаги сессиясида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари Умид Абидхаджаев Оксфорд университетининг пандемияни прогнозлаштириш моделининг Ўзбекистонга мослаштирилиши ва қанча инсон касалликни бошдан кечириши мумкинлиги тўғрисида тадқиқотларни маълум қилди.
“Пандемия бошланиши билан биргаликда биз биринчи қилган ишимиз Оксфорд университетининг пандемияни прогнозлаштириш моделини Ўзбекистон учун амалиётда қўллаб кўрдик. Оксфорд натижалари шуни кўрсатдики, битта одам ўртача 2,6 инсонга юқтириши мумкин. Шуни пасайтирилса, пандемиянинг ривожланиш даври чўзилади ва кўп инсонларнинг поликлиника ва шифохоналарга боришининг олдини олиш мумкин. Шундан келиб чиқиб талаб қўйилади, айнан шу ижтимоий масофани сақлаш, маскани тақиб юриш. Оксфорд университетининг баҳоларига кўра, 18-23 миллион, яъни 70 фоиз одам коронавирус касаллигини бошидан ўтказиши керак. Ҳамма масала уларнинг касалланиши даврини узоқ муддатга чўзишда. Содда қилиб айтадиган бўлсак, бир йил давомида 365 челак сувни ташиш унчалик қийинлик туғдирмаса, буни бир дақиқада қилиш оғирлик қилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий масофа сақлаш муҳим саналади. Агар карантин қоидалари кучайтирилмасдан вазият давом этса, декабрга бориб Ўзбекистонда 64 минг киши коронавирусдан зарарланиши мумкин.
Айни пайтда тарозининг 2 палласида ҳаёт ва ҳаёт тарзи турибди. Ҳаётни сақлаб қолиш учун ҳаёт тарзини ўзгартириш керак. Ҳозирги бирламчи қоидаларга амал қилиш орқали яшашга ўрганиш зарур. Пандемия бошқа соҳалар ривожига ҳам туртки бўлади. Масалан, қисқа вақтда рақамли иқтисодиёт, етказиб бериш хизматлари тараққий этди”, дейди Умид Абидходжаев.




