14 октябрь, чоршанба08:07Тошкент +22°

Иқтисодий газета · Биржа · 1994 йилдан буён

МБ курси
USD11 913,35▲ 14,26EUR13 328,66▲ 30,24RUB142,39▲ 0,86CNY1 779,76▲ 1,87GBP15 779,23▲ 35,54JPY75,32▲ 0,29KRW8,89▼ 0,04CHF14 312,05▲ 29,14KZT26,51▲ 0,11
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев: Жаҳон бозорига чиқаётган маҳсулотларимизда Ўзбекистон овози жаранглаши керак

Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда, айрим тадбиркорлар халқаро брендлар билан бир хил номни рўйхатдан ўтказиб олгани сабабли хорижий инвестиция келишига тўсиқ бўлаётгани танқид қилинди.

1 дақиқа ўқиш70 марта ўқилди

12 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда маҳаллий товар белгиларини халқаро рўйхатдан ўтказиш масаласига эътибор қаратилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз саноатининг бор-йўғи 72 та товар белгиси халқаро рўйхатдан ўтказилган. Лекин бу жуда кам. Аслида эса имкониятлар талайгина.

Масалан, Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Марғилон адраси, Шеробод анори, Олтиариқ ва Паркент узуми, Хоразм қовуни, Сурхондарё хурмоси каби машҳур брендларни ҳудудий мансублиги бўйича рўйхатдан ўтказиб, халқаро бозорда фаол тарғиб қилиш мумкин.

Тадбиркорлар маҳсулотларини брендга айлантириш дастури ва электрон майдончасини ишлаб чиқиб, ҳудудларда брендлар ярмаркаси ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

«Жаҳон бозорига чиқаётган маҳсулотларимизда Ўзбекистон овози жаранглаши керак, бренди бўлсагина маҳсулотларимиз ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллай олади», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Айрим тадбиркорлар халқаро брендлар билан бир хил номни рўйхатдан ўтказиб олгани сабабли хорижий инвестиция келишига тўсиқ бўлаётгани кўрсатиб ўтилиб, бундай ҳолатларни тартибга солиш юзасидан кўрсатма берилди.

Ўзб
↑↓ танлашEnter очишЁзишни бошланг — натижалар дарҳол чиқади