Макраиқтисодиёт муаммоси: Камбағаллик ёки пандемия
Пандемия шароитида даромадларнинг пасайиши ва жамғармаларнинг узоқ муддатга етмаслик эҳтимоли давлат томонидан қўшимча маблағларни сафарбар этишни тақозо этади. Бу эса, бюджет даромадлари қисқарган шароитда қарз маблағларини жалб этишга заруратни келтириб чиқаради, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев. Шшунингдек, профессор Н.Жумаев олиб борилган тадқиқотлар асосида Ўзбекистонда камбағалликни келтириб чиқаришга сабаб бўлган муҳим сабабларни келтириб ўтди.

Макроиқтисодий мувозанатни таъминлашнинг муҳим жиҳатларидан бири – бу иқтисодий инқирозлар даврида барқарорликни таъминлашга муваффақ бўлишдир. 2020 йилнинг биринчи чораги даврида юзага келган пандемия жараёни иқтисодий барқарорликни жиддий синовдан ўтказмоқда. Ушбу инқирознинг олдинги инқирозлардан фақрли жиҳати – бу ялпи талаб ва ялпи таклифнинг бир пайтда инқирозга учраши билан изоҳланади. Олдинги инқироз даврларида ёки талаб, ёки таклиф инқирозга учраганини таъкидлаш лозим.
Охирги 20 йилликда инсонларнинг яшаш стандартлари сезиларли даражада ортди. Қашшоқ мамлакатларда ЯИМнинг киши бошига тўғри келиши 2 баробарга кўпайди. 1995 йилдан буён болалар ўлими икки ҳисса камайиб, мактабга қатновчилар сони 56 фоиздан 80 фоизга ўзгарди. Шундай бўлсада, 700 млн. одам паст даромад билан қолмоқда. Ҳар йили 5 ёшга тўлмаган 5 млн. болалар вафот этмоқда ва уларнинг аксариятига сифатсиз тиббий хизматлар кўрсатилган. Қолаверса, дунё болаларининг ярми мактабларни ўқиш ва санашни билмасдан битириб кетмоқда[1].
Узоқ давом этадиган карантин чекловлари реал хавфларни келтириб чиқаради
Эътибор бериш керак, ҳар йили 5 млн. болалар вафот этмоқда. Ҳозирги пандемияда зарарланганларнинг сони 2,5 млн.га яқинлашди. Шу ўринда, табиий савол туғилади, қайси кўрсаткич макроиқтисодий мувозанатни кўпроқ издан чиқармоқда?
Бизнингча, инқирознинг бу каби тус олиши биринчи навбатда – иқтисодий харакатсизликнинг вужудга келиши билан боғлиқ. Бу эса, инсонларнинг даромадлар олишидан бутунлай ёки қисман маҳрум бўлиши ҳолатларини юзага келишига таъсир кўрсатди. Натижада, инсонларнинг жамғармаларига бўлган мурожаатни вужудга келтирди.
Умуман олганда, иқтисодиётда маълумки, инсонлар даромадлари уч босқични босиб ўтади. Булар – истеъмол, жамғариш ва инвестиция даврини ўзида акс эттиради. Шу нуқтаи назардан, инсонлар даромади инқироз даврида муҳим категория сифатида гавдаланади. Бу эса, камбағаллик омилини ўрганишга бўлган заруратни келтириб чиқаради.
Биз мазкур тадқиқотимиз давомида камбағаллик категориясини инқироз давридаги тенденциясини таҳлил қилишга ва хулосалар шакллантиришга ҳаракат қиламиз. Ушбу мақсадга эришиш учун қуйидаги тадқиқот саволларига жавоб топиш муҳим ҳисобланади, деб ўйлаймиз.
- Камбағалликни ўлчашнинг қандай иқтисодий мезонлари мавжуд?
- Инқироз даврида камбағаллик қандай муаммоларни келтириб чиқармоқда?
- Ўзбекистонда камбағалликни бартараф этишда қандай чоралар қўллаш мақсадга мувофиқ?
Камбағаллик категориясига нисбатан Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда.

Дунё бўйича коронавирус билан боғлиқ ноаниқлик рекорд даражада юқори
2020 йилда қарз инқирозидан ўзгача тусга эга бўлган, бошланишидан иқтисодий хусусият касб этмаган инқироз омили – бу пандемия эканлигини кузатишга тўғри келмоқда. Натижада, иқтисодий қулашларнинг юз бериши бўйича айрим сигналлар вужудга келмоқда. Булардан асосийси “иқтисодий таътил”ларнинг юз беришидир. Бошқача айтганда, ялпи истеъмолнинг тушиб кетиши ва ялпи таклифнинг тўхталиши билан бевосита боғлиқдир. Мазкур иқтисодий инқирознинг энг асосий белгиси сифатида – иқтисодий ҳаракатсизликни келтириш мумкин. Бу шароитда, давлатларнинг энг асосий вазифаси - минимал иқтисодий ҳаракатни таъминлаб туришдан иборат бўлиши лозим[2].
Баъзи одамлар ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деб ўйлайди. Бу – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди.
Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир”, деб таъкидлаб ўтдилар.
Адабиётлар шарҳи
А) Халқаро ва маҳаллий олимлар қарашлари
Умуман олганда, камбағалликни мезонлари иккита ёндашув орқали амалга оширилган. Биринчиси, олимлар томонидан асосланган назарий жиҳатлар, иккинчиси халқаро молия институтлари томонидан даромадларни табақалаштириш орқали аииқликлар киритилган.
Рус олимларидан Сидорчук (2010) қуйидаги мезонлардан фойдаланган ҳолда камбағалликни аниқлашни таклиф этади: яшаш жойининг бўлиши, тўлақонли овқатланиш ва ичимлик сувига эгалик, минимал таълим олиш имконияти ва соғлиқни сақлаш имконияти. Сазанов (2012) камбағалликни абсолют ва нисбий даражаларда бўлади, деб ҳисоблайди. Шунингдек, у камбағаллик категорияси дастлаб XIX асрнинг охирлари XX асрнинг бошланишида инглиз социологлари С.Роунтри ва Ч.Бута томонидан фанга олиб кирилганлигига эътибор қаратади. Ушбу олимлар яшаш минимуми – камбағаллик/даромад чегарасини фанга олиб киришади. Экспертлар ушбу ҳолатда озиқ-овқат, кийимлар ва яшаш шароити бўлишини мезонлар сифатида таъкидлашади. Ушбу мезонларга жавоб бера олмаслик эса, абсолют камбағалликни англатишини қайд этиб ўтади.
Кошарная ва Каримова (2018) ўзларининг мақолаларида ушбу категорияга қуйидагича ёндашувни баён қилишади. Унга кўра, аҳолининг ҳаёт фаровонлигига эришиши ва уни турли категориялар орқали аниқлашни таклиф этади: 1) фаровонлик – жисмоний ва интеллектуал имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш орқали инсонни ҳар томонлама ривожланиши; 2) камбағаллик – истеъмол миқдорини сақлаб қолиниши ва меҳнатга лаёқатли бўлиш; 3) қашшоқлик – истеъмолнинг минимал даражаси бўлиб инсоннинг биологик имкониятларигина таъминланишини англатади.
Жаҳон иқтисодиётининг янги инқирози – иқтисодий ҳаракатсизлик
Бизнингча, юқоридаги илмий хулосаларда камбағалликни аниқлашга қаратилган ёндашувлар келтирилди. Уларда асосий эътибор ҳаёт даражасини белгилаб берувчи омиллар – яшаш шароити, овқатланиш ва кийим билан таъминланганлик каби жиҳатларга қаратилди. Бу эса, ушбу товар ва хизматларни сотиб олиш учун минимал даромад даражасини белгилашнинг заруратини келтириб чиқаради.
Хорижий олимлардан покистонлик Мажид ва Малик (2015) томонидан амалга оширилган тадқиқотда камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар сирасига саводхонлик даражасини ҳам киритади. Бунда оила хўжалигининг камбағалликка тушиб қолишига оила бошлиғининг тажрибаси, ёши, жинси ва бандлиги каби омиллар таъсир қилишини келтириб ўтади. Шунингдек, оила бошлиғи сифатида аёл киши бўлиши камбағалликни келтириб чиқаришга кўпроқ таъсир қилади, деган ғояни илгари суради. Сабаби, аёлларни таълим олишга ва даромад топишдаги имкониятлари юқори эмаслиги билан изоҳланади. Тадқиқотлар асосида биринчидан, таълим олганлик даражаси билан камбағаллик тескари пропорционал эканлиги, иккинчидан, қишлоқ жойларда пул ўтказмаларига эга бўлганлар камбағалликка камроқ тушишаётганлиги, учинчидан шаҳарлашиб бориш камбағалликни пасайтиришини ва қишлоқ ҳудуди эса, ошишига олиб келишини қайд этиб ўтади. Ўз навбатида, тажриба, ёш ва қишлоқ хўжалигида банд бўлиш камбағалликни келтириб чиқармаслигини асослаб беради.
АҚШда монетар сиёсатнинг самарали амалга оширилиши асосчиларидан бири Фридмен (1957) даромадларнинг нотенглиги омиллари статистик тақсимотни аниқ кўрсатмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрига кўра, истеъмол жиҳатидан даромадларнинг тақсимоти уларни юзага келтирувчи сабабларга боғлиқ ва у буни асослаб беради. Даромадларнинг нотенглигига сабаблардан бири инсонларнинг қобилияти тенг тақсимланмаганлиги сабабли ушбу тенденция юзага келганлигини таъкидлаган олимлардан – бири Стакле (1943) ҳисобланади. Шу ўринда, Форднинг муҳим бир иборасини эслаш лозим. “Энг зўр иш – бу юқори ҳақ тўланадиган хобби” деб таъкидлаб ўтганлиги инсон қобилиятини тўғри йўналтирилиши лозимлиги ва саводхонликни шу йўналишда ривожлантириш кераклигини ўзида акс эттиради.
Минсер (1958) инсон капиталига инвестициялар ва даромадларнинг тенгсизлиги омилларини аниқлаган ва уларни баҳолаган. Инсонлар даромадининг нотенглиги инсон капиталига қилинган инвестицияларга боғлиқ эканлиги ва инвестиция жараёни эркин танловга асосланишини қайд этиб ўтади. Унинг фикрига кўра, катта маош кўп ўрганишни талаб этади. Шу боисдан, касблараро фарқ уларни ўрганишдаги фарқлар билан изоҳланади ва ўрганиш муддатларидаги ўзаро абсолют фарқ йиллик даромаддаги фоизли фарқларни келтириб чиқаради. Бир касбнинг бир неча эгалари даромадлари ўртасидаги фарқ инсон капитали тажрибасига қилинган инвестиция муддатининг узайтирилганлиги билан боғлиқ. Умуман олганда, таълим, ёш ва касб каби омиллар инсонлар даромадларини табақаланишида асосий эканлиги асослаб берилади.
Одамлар пандемияга қарши жипслаша олишмаса, у қанча давом этиши мумкин?
Риндерманн, Сейлер ва Томпсонлар (2009) ўзларининг тадқиқотларида ижтимоий тараққиётнинг омилларига эътибор қаратиб, унда ақл ва билимга асосланган омилни алоҳида тадқиқ этишади. Уларнинг хулосасига кўра, халқнинг (IQ, intelligence quotient – интеллект даражаси) интеллект даражаси коэффициенти бир пунктга ошиши ЯИМнинг киши бошига 229 АҚШ долларга, энг юқори интеллект эгаларининг 5 фоизи доирасида эса 468 АҚШ долларга ортишини асослаб берганлар.
Пенг ва бошқалар (2019) ўзларининг тадқиқотларида камбағалликни келтириб чиқарувчи омилларни таҳлил этиб чиқишади. Улар камбағаллик эҳтимолини келтириб чиқарувчи омиллар қаторида қуйидагиларни санаб ўтади: қарилик, аёл киши бўлиш, турмуш ўртоғи бўлмаслиги, бир ота ёки бир она бўлган оилада катта бўлиш, ишсизлик, давлат уйида ижарада туриш, паст саводхонлик ва соғлиқ даражасига эга бўлиш. Шунингдек, оилада ногирон ёки сурункали касалликка эга бўлган одамнинг бўлиши. Таъкидлаш лозим, олий таълим олганлик камбағаллик ва минимал қашшоқликдан сақланишга ёрдам бермоқда.
Ўзбекистонлик олимлардан Хасанов ва Усмонов (2020) ўзларининг тадқиқот хулосаларида “Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш ҳақида гапирганда, турли минтақаларда, шаҳар ёки қишлоқларда яшайдиган турли ёшдаги одамлар, эркаклар ва аёллар учун камбағалликнинг сабаблари жуда фарқ қилишини ҳисобга олишимиз керак. Шу нуқтаи назардан, қашшоқликка қарши кураш жуда мураккаб ва кўп қиррали вазифадир. Шу муносабат билан, муҳтож одамларга тўғридан-тўғри молиявий ёки натура тарзида ёрдам кўрсатиш орқали қашшоқлик муаммосини ҳал қилишда жиддий ижобий натижага эришиш мумкин эмаслиги аён бўлади. Албатта, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш зарур, аммо камбағалликнинг турли хил сабабларини ҳисобга олган ҳолда, унга қарши курашда ҳар қандай муҳим ютуқларга одамлар ўзларининг моддий муаммоларини мустақил ҳал эта оладиган ва ўзларини зарур даромадлари билан таъминлайдиган шароитлар яратилгандагина эришиш мумкин”, деб таъкидлаб ўтишади.
Мустафақулов (2020) ўзининг мақоласида камбағалликка нисбатан ёндашувни баён этиб, Ўзбекистонда уни бартараф этиш учун “Камбағаллик ҳолатида ёки чегарасида яшаётган аҳоли қатламини қашшоқликдан чиқариш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар ва аҳоли томорқаларидан мақсадли фойдаланишда микрокластер тузилмаларини яратиш мақсадга мувофиқдир”, деб таъкидлаб ўтади.
Фикримизча, камбағалликни аниқлашга ёрдам берадиган омил сифатида даромадларнинг шаклланишига эътибор қаратиш муҳим ҳисобланади. Ўз навбатида, даромадни шаклланишига асос бўлиб хизмат қилувчи сабаблар ва омилларни ривожлантириш муҳим ҳисобланади. Бу эса, камбағалликни бартараф этишда асосий роль ўйнайди: жумладан, таълим тизимини ва инсонларни қизиқиши доирасида касбга йўналтиришни ривожлантириш.
Б) Халқаро ташкилотларнинг камбағаллик категориясига ёндашуви ва мезонлари
Тадқиқотларимиз давомида камбағалликка нисбатан халқаро ташкилотлар томонидан ёндашувларни кўриб чиқамиз. Жаҳон банки томонидан камбағалликни аниқлаш бўйича кунлик даромаднинг ҳажмига нисбатан мезон сифатида миллий даромаднинг киши бошига тўғри келиши ҳажми қуйидагича белгиланган:
- - халқаро камбағаллик чизиғи 1,9 АҚШ доллари;
- - ўртача даромаддан паст (2020 йил учун киши бошига ЯИМ 1026-3995 АҚШ доллар) бўлган мамлакат учун 3,2 АҚШ доллари;
- - ўртача даромаддан юқори (2020 йил учун киши бошига ЯИМ 3995-12375 АҚШ доллар) бўлган мамлакат учун 5,5 АҚШ доллари.

Мазкур мезон 2013 йилда эълон қилинган бўлиб, ўша даврда 1,25 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2015 йилга келиб 1,9 АҚШ долларига кўтарилган. Ўз навбатида, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 2005 ва 2011 йиллардаги базис нархлар билан киши бошига даромад ҳисобланиши орқали тадбиқ этилади. 2017 йилдан бошлаб эса, қўшимча равишда кейинги иккита кўрсаткич ҳам киритилган. Камбағалликнинг халқаро меъёри минимал истеъмолни назарда тутади ва у кейинги иккита мезон билан алмаштирилмайди. Ушбу кўрсаткич ўта камбағалликни акс эттиради. Ўзбекистон ўртача даромаддан паст даромадга эга бўлганлиги учун 3,2 АҚШ доллари тавсия этилади.
Жаҳон банки томонидан 2013 йилда эълон қилинган камбағалликка қарши кураш лойиҳасининг мақсади биринчидан, 2030 йилга бориб камбағал қатламни дунё аҳолисининг 3 фоиздан кам бўлишига эришиш, иккинчидан, ҳар бир мамлакат аҳолисининг жуда камбағал қатлами даромадларини оширишдан иборат.
Умуман олганда, 2030 йилга бориб жаҳондаги камбағаллик омили билан яшайдиганларнинг 90 фоизи Африка мамлакатларига тўғри келишини таъкидлаш лозим (1-расмга қаранг).

1-расм. 2030 йилда жуда камбағалликнинг шаклланиш миқёси, улушларда
Манба: Жаҳон банки маълумотлари
2015 йилда БМТнинг 70-Ассамблеясида 2030 йилгача “Барқарор ривожланиш”нинг 17 мақсадлари қабул қилинди. Ушбу мақсадларнинг биринчиси – “Камбағалликни йўқотиш (No Poverty)” деб номланган бўлиб, дунё мамлакатларини ушбу омилга қарши оммавий курашга чақирган. Ушбу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 841-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор иловасининг 1-бандида “1-мақсад. Барча жойларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш” деб номланган. Ушбу банднинг вазифалари сифатида белгиланган 7-йўналишда асосий эътибор ижтимоий ҳимояга ва гендер тенглигини таъминлаш ҳамда микрокредитлаш амалиётларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Фикримизча, ушбу қарорда келтирилган вазифаларнинг бирор йўналишида таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган, айниқса олий таълим билан қамраб олиш даражасини кенгайтириш бўйича устуворликлар келтирилмаган. Бу эса, жаҳон олимлари томонидан асосланган илмий хулосаларни инобатга олинмаганлигини англатади. Сабаби, даромадлар тенгсизлигини келтириб чиқарувчи кам сонли омилларнинг асосийси – бу таълим эканлиги таъкидлаб ўтилган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD, 2020) томонидан камбағаллик даражасига нисбатан мезонлар тавсия этилган. Жумладан, камбағаллик даражаси – бу маълум ёшдаги аҳоли гуруҳи даромадларини уй хўжаликлари ўртача даромадининг ярмидан кам бўлган чегарадан паст бўлиши билан изоҳланади. Шунингдек, камбағаллик оралиғи категориясини ҳам киритишади ва бу– камбағал қатламнинг ўртача даромади камбағаллик даражаси мезонидан пастга тушиб кетади. Ушбу категория камбағалликни миқёсини аниқлашга ёрдам беради. Ушбу кўрсаткич ёш доирасида аниқланиши амалга оширилади. Яъни 18-65 ва 65 ёшдан катталар.
Шу билан бирга, мазкур ташкилот (OECD, 2020) даромадлар тенгсизлигини баҳолашда Жини коэффициенти, децил нисбати кабилардан фойдаланишни тавсия этиб ўтади.
Таҳлил ва натижалар муҳокамаси.
А) Хорижий тажриба ва тенденциялар
Камбағалликни мамлакатдаги ўртача даромадга нисбатан аниқланганда, Европа Иттифоқи мамлакатларида 18-65 ёш орасидаги даромадларнинг тақсимланиши жами тақсимланиш билан бир даражада шаклланганлигини кўриш мумкин. Дания, Венгрия, Нидерландия, Франция каби мамлакатларда эса, 65 ёшдан катта бўлганларда камбағаллик миқёси янада қисқараётганлигини кўриш мумкин. Австрия, Бельгия, Германия ва Португалия каби мамлакатларда эса, ёш гуруҳида ва жами доирасидаги фарқнинг умуман йўқлигини кузатиш мумкин (2-расмга қаранг). Фикримизча, ушбу мамлакатларда даромадларни тенг тақсимоти – биринчи навбатда, инсон капитали юқори эканлиги, иккинчидан, яширин иқтисодиёт улушининг камлигидир.

2-расм. Европа Иттифоқи давлатларида камбағаллик даражаси (OECD, 2020)
Масалан, АҚШда 2018 йил учун камбағаллик чегараси оилада бир кишига 12784 доллар, икки кишига 16247 доллар бўлса, 9 кишиликда 51393 (ўртача 5710) долларни ташкил этган. Демографик нуқтаи назардан, камбағаллик қуйидагича кўринишга эга: эркакларда 10,6 фоиз, аёлларда 12,9 фоиз, ёш оилаларнинг 4,7 фоизи, оилада ота-оналарнинг фақат бирининг бўлиши, агар у эркак бўлса 12,7, аёл киши бўлса 24,9 фоизни ташкил этган. Ногиронлиги бўлганларнинг 25,7 фоизи камбағалликда кун кечирмоқда[3]. Камбағалликнинг асосий нуқталари саноат чиқиб кетган ёки умуман бошланмаган ҳудудлар ҳиссасига тўғри келишини таъкидлаш лозим[4].
Фикримизча, камбағалликка қарши курашда уларни тизимлаштирилган ҳолда амалга оширишни демографик нуқтаи назардан гуруҳларга ажратган ҳолда таҳлил этилиши муҳим ҳисобланади. Бу эса, камбағаллик статистикасини янада аниқлаштиришни тақозо этади.
Б) Ўзбекистондаги тенденциялар ва пандемиянинг таъсири
Энди тадқиқотимизда эътиборни 2020 йилдаги пандемия натижасидаги иқтисодий харакатсизлик инқирози даврида жаҳон иқтисодиёти мамлакатлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга қаратамиз.
2020 йил жаҳон иқтисодиётида яна бир глобал инқироз юз берган воқеилик сифатида тарихга кирди. Ушбу инқирознинг асосий жиҳати харакатсизликдир. Ушбу омилнинг юзага келиши аҳолининг, айниқса кам даромадли қатламнинг эҳтиёжларини қондиришда муаммоларни жадаллаштирди.
Ушбу иқтисодий мураккаблик шароитида ялпи талабнинг пасайиб кетиши инсонларнинг истеъмол харажатлари эмас, балки жамғарма ҳажмлари билан бевосита боғлиқлигини ҳам инобатга олиш заруратини кўрсатиб берди. Бу эса, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, инсонлар даромадларининг барча босқичларини мустаҳкамлаш долзарб эканлигида ўз ифодасини топди.
Жумладан, Ўзбекистондаги ахборот порталлари Kun.uz ва Gazeta.uz тармоқлари орқали амалга оширилган сўровномалар натижалари ҳам мамлакатимизда аҳоли даромадларида жамғармаларнинг юқори эмаслигини кўрсатиб берди.
Gazeta.uz 2020 йил 2 апрелда ўтказган сўровномада 337000 дан ортиқ аҳоли қатнашган бўлиб, уларнинг 36 фоизи “жамғармам йўқ”, 28 фоизи “1-2 ҳафтагача етади”, деб жавоб берган. Шунингдек, 3-6 ойга етади, деб жавоб берган аҳоли 4 фоиз атрофида бўлган. Шу билан бирга, Кун.уз портали орқали 2020 йил 14 апрель куни амалга оширилган сўровномада 576000 дан ортиқ одам иштирок этган. Эътиборли жиҳати, ундаги натижалар ҳам бошқа портал орқали ўтказилган сўровномадаги натижалар кескин фарқ қилмаган. Хусусан, иштирокчиларнинг 35 фоизи “жамғармам йўқ”, 7 фоизи эса, 3 ойгача жамғармалар етади, деб жавоб берган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аҳоли даромадларининг ¼ қисми 10 фоиз[5] аҳоли қўлида тўпланганлиги ҳам даромадлар тенглигини таъминлашнинг заруратини келтириб чиқаради.
1-жадвал:
Фикримизча, аҳоли асосий қатламининг даромадлари вақтинчалик узилишга учраган даврда жамғарма категорияси муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш лозим. Бу эса, давлатнинг зиммасига катта молиявий юкни келтириб чиқариши мумкин. Ўз навбатида, бюджетдан аҳолининг истеъмолини таъминлашни амалга ошириш бюджет дефицитини ошириши мумкин.
Аҳоли даромадларининг ¼ қисми трансфертларга тўғри келаётганлигини кўриш мумкин (1-жадвалга қаранг). Бундан эса, ўзбекистонликларнинг даромадлари таркибида мигрантлар даромадига боғлиқлик сезиларли аҳамиятга эга эканлигини кўриш мумкин. Ўз навбатида, мазкур ҳолат хорижий давлатлардаги иқтисодий ҳолатга боғлиқликни оширишини кўрсатади. Пандемиянинг жаҳоннинг барча мамлакатларига тарқаганини инобатга олсак, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари даромадининг пасайиши биздаги даромадларнинг пасайишига таъсир қилиши табиий. 1-жадвалга эътибор берсак, мол-мулкдан олинадиган даромаднинг улуши 3 фоиз атрофида бўлмоқда. Ушбу ҳолатнинг ҳам мавжудлиги даромадларнинг диверсификация қилинмаганлигини англатади.
Хулоса қилиб айтганда, пандемия шароитида даромадларнинг пасайиши ва жамғармаларнинг узоқ муддатга етмаслик эҳтимоли давлат томонидан қўшимча маблағларни сафарбар этишни тақозо этади. Бу эса, бюджет даромадлари қисқарган шароитда қарз маблағларини жалб этишга заруратни келтириб чиқаради.
Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5969-сонли Фармонининг қабул қилиниши муҳим аҳамиягга эга бўлди. Унга кўра, ҳукумат томонидан халқаро молия институтларидан 1 млрд. АҚШ доллари миқдорида ташқи қарз жалб этилиши белгилаб берилди.
Агар 5 млн. киши атрофидаги камбағал қатлам мавжудлигини инобатга олсак, уларнинг ҳар бирининг оиласига ўртача (5 киши деб тасавур қилсак) 100 АҚШ долларидан тақдим этилганда 100 млн. АҚШ доллари керак бўлади. Бу эса, киши бошига 20 АҚШ доларидан бўлса, яна 10 кунлик истеъмолни таъминлаши мумкин (агар 1,9 долларга нисбатан олсак) бўлади.
Қайд этиш лозим, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги 232 сонли қарори билан бюджет харажатларининг 6 трлн. сўм маблағ мақбуллаштирилиши назарда тутилди.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб айтганда, Ўзбекистонда аҳолига пул тарқатилиши эҳтимоли пастлигини ва бу амалга оширилганда ҳам натижа бермаслигини англатмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг камбағалликка қарши чоралар натижа бермаганлиги пандемия оқибатларини янада мураккаблашишига олиб келмоқда. Бошқача айтганда, иқтисодий харакатсизлик даврида аҳолининг камида 2 ойга етадиган жамғармаларга эга бўлиши вазиятни ҳозиргидек чуқурлаштирмаган бўлар эди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда киши бошига тўғри келувчи ЯИМ ҳажми ўртача 1500 АҚШ доллари атрофида эканлигини ҳисобга олсак, бу кунига ўртача (1500/365 кун) 4,1 АҚШ долларига тенг бўлмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда 2020 йилда ЯИМнинг ўсиши ХВФ томонидан 1,6 фоиз бўлишини прогноз қилди. Мазкур рақамларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатимизда Жини коэффициентини барқарорлаштириш зарурлигини кўрсатиб беради.
Шу ўринда, Ўзбекистон ўзининг иқтисодий мустақиллиги даврида камбағалликка қарши чоралар кўрмаганми? деган савол туғилиши табиий. Мамлакатимизда кам даромадли оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, арзон кредитлар тақдим этиш, якка тадбиркорликни ривожлантириш каби чора-тадбирлар шулар жумласига киради. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 44-сонли қарори қабул қилинган. Ваҳоланки, ушбу ҳужжат доирасида моддий ёрдамнинг ҳажми катта бўлмаган ёки муддати қисқа бўлган. Умуман олганда, мазкур моддий ёрдам жорий истеъмолни таъминлаган бўлиб, қўшимча қиймат яратилишига шароитни яратмаган. Бошқача айтганда, тор доираги ялпи талаб давлат томонидан рағбатлантириб турилган. Мазкур турдаги нафақаларни олувчилар 595000тани ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5978-сонли фармони билан амалдаги тўловлар сақлаб қолинди ва уни молиялаштириш Инқирозга қарши чоралар жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.
Камбағалликка қарши кураш натижалари натижаси
2019 йилда иқтисодиёт соҳасида Нобель мукофотини қўлга киритган А.Банержи, Э.Дюфло ва М.Крамер томонидан давлатлар ва халқаро ташкилотлар амалга ошираётган ислоҳотларнинг нечоғлиқ натижа бераётганлигини кўрсатиб берилди. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон мамлакатларида амалга оширилган камбағалликка қарши кураш натижалари таҳлили, бу борадаги тадбирларни тубдан ўзгартириш заруратини исботлаб берди.
Тадқиқотларга кўра, биринчи омил – мактаб таълимида икки омил ўқувчиларнинг қизиқиши ва ўқитувчилар билан маълум муддатли шартномалар муҳим эканлиги исботланди.
Ўзбекистонда 1991-2019 йилларда мактаб таълимини рақамларда кўрсак, бир мактабга 1991 йилда 543 та, 2019 йида 623 та ўқувчи тўғри келган, шунингдек, мактаблар сони 1991-2000 йилларда 1169 тага, 2000-2010 йилларда 80 тага ва 2010-2019 йилларда 136 тага ошган[6].
Қайд этиш лозим, мактаб таълимидаги муаммолар нафақат камбағаллик муаммоларини балки, бошқа ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларни ҳам чиқариши кўплаб тадқиқотларда исботланган. Масалан, 2020 йил 3 март куни Тошкент шаҳрида «Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» операциялари натижалари таҳлил этилди. Жумладан, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакили, профессор Бахтиёр Бобожонов ўзбек аёлларининг Ироқ ва Сурияга кетгани сабаблари ҳақида тўхталиб “Энг катта сабаб – уларнинг билимсизлигидир. Аёлларнинг шаҳодатномасига қарасак, ҳаммаси қониқарсиз таълим олишган”, деб таъкидлаб ўтди[7].
Иккинчи омил - соғлиқни сақлаш тизимида инсонларнинг фарзандлари соғлиғи учун инвестиция қилмасликлари ёки уни ортга суриб келишлари салбий таъсирга эга эканлигини қайд этишади. Шу боисдан, болаларни инфекцияларга қарши эмлашда вақтинчалик субсидиялар доимийларидан кўра самарали эканлигини қайд этиб ўтишади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтган “... бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади[8]” деган сўзларининг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини қайд этиш лозим.
Пейкаржо, Голлу ва Шахриварлар (2011) МДҲ (Ўзбекистон) мамлакатларида 2001-2009 йилларда соғлиқни сақлаш ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги боғлиқни тадқиқ этадилар. Уларнинг хулосасига кўра, ўрта ёшдагиларнинг ўртача умр кўриши билан иқтисодий ўсиш ўртасида ижобий боғлиқлик мавжудлигини қайд этади. Жумладан, реал ЯИМ, ЯИМга нисбатан инвестициялар, иқтисодиётнинг очиқлиги, ёшларнинг ўртача умр кўриши, аҳолининг кўпайиш даражаси каби кўрсаткичларини иқтисодий ўсишга таъсирини таҳлил қилади. Ўз навбатида, иқтисодиётнинг очиқлиги ва инвестициялар иқтисодий ўсишга таъсир этмайди, деган хулосага келадилар.
Шу билан бирга, учинчи омил сифатида – микрокредитлаш механизми таҳлил этилади. Унга кўра, мазкур усул камбағалликка қарши курашда кутилган натижаларни бермаслиги аниқланади.
Хулоса ва таклифлар.
Олиб борилган тадқиқотлар асосида Ўзбекистонда камбағалликни келтириб чиқаришга сабаб бўлган муҳим сабаблар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин, деб ўйлаймиз:
- Ижтимоий соҳанинг нобақарорлашувига олиб келган жиҳатлар:
- - соғлиқни сақлаш тизимида давлат харажатларининг етарли эмаслиги, айниқса, бирламчи тиббий хизматлар тақдим этишда;
- - мактабгача таълим билан қамраб олиш миқёсининг пастлиги;
- - мактаб таълимида мактаб биноларнинг “резина”каби фойдаланилиши базавий таълимнинг натижавийлигини тушириб юборди;
- - олий таълимнинг қамрови 10 фоизга етмаслиги катта улушга эга бўлган ёшларнинг инсон капитали даражасини пасайтирди;
- - илмий тадқиқотларга ажратилган маблағлар ЯИМга нисбатан 0,25 фоиз атрофида бўлиши.
- Меҳнатга ҳақ тўлаш касбга эмас, балки лавозимга бириктирилиши, юқори билим талаб қилувчи касблар жозибардорлигини йўқотди. Масалан, шифокор ва сержант унвонидаги ҳарбий хизматчининг иш ҳақидаги сезиларли тафовут.
- Электр таъминотидаги узилишларнинг давомийлиги қуйидаги нобарқарорликни келтириб чиқарди:
- - таълимнинг уйда бажариладиган вазифалар қисми ўзлаштирилмаслигига таъсир кўрсатди;
- - бизнес юритишга жиддий таъсир кўрсатди. Масалан, жаҳон банкининг ҳисоботида, бизнес субъекти кичиклашиб боргани сари электр таъминотидан узилиши кучайиб бориши қайд этилган[9].
- Иқтисодиётнинг норасмий қисмини кучайиши аҳоли даромадлари ҳисобини ва статистикасини юритишга салбий таъсир кўрсатди.
Тадқиқотлар асосида қуйидагиларга эътибор бериш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз:
- Аҳолининг камбағаллик даражасини аниқлаштириш учун демографик жиҳатдан гуруҳларга ажратиш нуқтаи назаридан аниқ статистикани шакллантириш ва шунга мос тадқиқотларни амалга ошириш.
- Қисқа муддатли даврда эътибор берилиши лозим бўлган чора-тадбирлар:
- - аҳолининг истеъмолини арзонлаштириш, яъни давлат ва “айрим” тадбиркорларнинг монополиясини фавқулодда тугатиш;
- - электр таъминотининг узлуксизлигини амалга ошириш, муқобил энергиядан фойдаланишни жадаллаштириш;
- - харажатларни қисқартириш, яъни кўп даромадга эга бўлмаган шароитда жамиятда тежамкорлик тамойилини жорий этиш;
- - венчур фондлари ишлаши учун шароит яратиш;
- - норасмий иқтисодиётни қисқартириш.
- Узоқ муддатли даврга мўлжалланган дастурларни амалга ошириш доирасида:
- - профилактика тиббий хизматларни молиялаштириш ҳажмини ва самарадорлигини ошириш;
- - мактаб таълимида ўқувчиларнинг қизиқишларини инобатга оладиган ҳолда гуруҳларга ажратган ҳолда таълим бериш;
- - олий таълимни қамровини ошириш;
- - “кичик бизнесдан-йирик бизнесга” ғоясини иқтисодиётда жорий этиш;
- - юқори илмий сиғимкор маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш;
- - меҳнат мигрантларини эмас, балки меҳнат маҳсулини экспорт қилиш тамойилини амалга ошириш.
Нодир Жумаев, и.ф.д., профессор,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Дилшоджон Рахмонов, и.ф.д., доцент,
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси
Адабиётлар:
- Majeed M.T., Malik M.N. (2015) Determinants of Household Poverty: Empirical Evidence from Pakistan. he Pakistan Development Review 54:4, Part II (Winter ) pp. 701–718
- Milton Friedman A. (1957) Theory of the Consumption Function. Princeton, N.J. Princeton University Press.
- Mincer, J. (1958) Investment in Human Capital and Personal Income Distribution. TheJournal of Political Economy 281–302.https://www.jstor.org/stable/1827422?read-now=1&refreqid=excelsior%3Ad2f165a96877f753b910571c7cf28284&seq=1#page_scan_tab_contents
- OECD (2020), Poverty gap (indicator). DOI: 10.1787/349eb41b-en (Accessed on 23 April 2020)
- OECD (2020), Poverty rate (indicator). DOI: 10.1787/0fe1315d-en (Accessed on 23 April 2020)
- Peng, C., Fang, L., Wang, J.S. et al. (2019) Determinants of Poverty and Their Variation Across the Poverty Spectrum: Evidence from Hong Kong, a High-Income Society with a High Poverty Level. Soc Indic Res 144, 219–250. https://doi.org/10.1007/s11205-018-2038-5
- Peykarjou K., Gollu R.B., Gashti H.P., Shahrivar R.B. (2011) Studying the relationship between health and economic growth in OIC member states//Interdisciplinary Journal of Contemporary Research in Business. December, Vol 3(8). – рp. 1041-1054.
- Rindermann H., Sailer M., Thompson J. (2009) The impact of smart fractions, cognitive ability of politiciansand average competence of peoples on social development//Talent Development & Excellenc. - №1(1). - pp.3-25.
- Stachle H. Ability, (1943) Wages and Income. Review of Economics and Statistics, XXV, February, pp. 77-87.
- The Population of Poverty USA. https://www.povertyusa.org/facts
- World Bank (2020) Global Economic Prospects, January 2020: Slow Growth,Policy Challenges.Washington, DC: World Bank.p. 89.
- Кошарная Г.Б., Каримова Л.Ф. (2018) Основные подходы к измерению уровня бедности в современной России//https://cyberleninka.ru/article/n/osnovnye-podhody-k-izmereniyu-urovnya-bednosti-v-sovremennoy-rossii/viewer
- Жумаев Н.Х., Раҳмонов Д.А. Жаҳон иқтисодиётининг янги инқирози – иқтисодий ҳаракатсизлик. 2020 йил 3 апрель. Манба: https://www.review.uz/
- Мустафақулов Ш. (2020) Камбағаллик айб эмас, бироқ .... Халқ сўзи, 25.03.2020 й. http://xs.uz/uzkr/post/kambagallik-ajb-emas-biroq
- Сазанов И.С. (2012) Бедность: Национальные и международные критерии//Челябинский гуманитарий. -№3(20). – С.80-84.
- Сидорчук И.Б. (2010) Критерии бедности и показатели ее определения. https://cyberleninka.ru/article/n/kriterii-bednosti-i-pokazateli-ee-opredeleniya/viewer
- Хасанов Р., Усмонов Б. (2020) Ўзбекистонда камбағаллик ва уни қисқартириш йўллари. 06.03.2020 й. https://review.uz/oz/post/ozbekistonda-kambagallik-va-uni-qisqartirish-yollari
[1]Research to help the world’s poor. https://www.nobelprize.org/uploads/2019/10/popular-economicsciencesprize 2019-2.pdf
[2] Жумаев Н.Х., Раҳмонов Д.А. Жаҳон иқтисодиётининг янги инқирози – иқтисодий ҳаракатсизлик. 2020 йил 3 апрель. Манба: https://www.review.uz/
[3] The Population of Poverty USA. https://www.povertyusa.org/facts
[4] Poverty in the United Stateshttps://www.debt.org/faqs/americans-in-debt/poverty-united-states/
[5]Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари http://web.stat.uz/open_data/uz/9.2% 20OD_income_by_deciles_uzb.pdf
[6]Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида ҳисобланган.
[7]Ироқ ва Суриядан қайтарилган аёллар бўйича ўрганиш натижалари маълум қилинди. https://kun.uz/news/2020/03/03/iroq-va-suriyadan-qaytarilgan-ayollar-boyicha-organish-natijalari-malum-qilindi
[8]Тарихда илк марта "ёпиқ мавзу" бўлган қамбағалликни қисқартириш учун кураш бошланди https://review.uz/uz/post/tarixda-ilk-marta-yopiq-mavzu-bolgan-qambagallikni-qisqartirish-uchun-kurash-boshlandi
[9]World Bank. 2020. Global Economic Prospects, January 2020: Slow Growth,Policy Challenges.Washington, DC: World Bank.p. 89.







