14 октябрь, чоршанба08:53Тошкент +22°

Иқтисодий газета · Биржа · 1994 йилдан буён

МБ курси
USD11 913,35▲ 14,26EUR13 328,66▲ 30,24RUB142,39▲ 0,86CNY1 779,76▲ 1,87GBP15 779,23▲ 35,54JPY75,32▲ 0,29KRW8,89▼ 0,04CHF14 312,05▲ 29,14KZT26,51▲ 0,11
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев: 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашув ўтказди.

2 дақиқа ўқиш3 051 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашув ўтказди.

Охирги йилларда ўсиб келаётан авлодга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, 30 июнь Ёшлар куни деб эълон қилинди. Ҳозирда Иттифоқнинг 7 миллион 690 минг нафар аъзоси мавжуд.

Жойларда 8 нафар ёш авлод вакиллари ҳоким ўринбосари этиб тайинланган. Яқинда бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 9 нафар йигит-қиз сайланган, маҳаллий кенгашларда ғалаба қозонганларнинг қарийб 10 фоизини ёшлар ташкил этади.

– Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир, – деди Президент.

Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Юртимизда ёш раҳбарларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф этадиган самарали механизм мавжуд эмаслиги айтиб ўтилди.

Глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар ҳақида сўз борар экан, Президент маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзларини ёдга олди.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берилди.

Беш ташаббуснинг ҳар бир йўналишини туман ва шаҳарларда тизимли амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Ўтган йили мамлакатимизда буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ёш математиклар халқаро олимпиадаси муваффақиятли ўтказилган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу тажриба асосида физика бўйича Аҳмад Фарғоний, кимё фани бўйича Абу Райҳон Беруний, биология бўйича Абу Али ибн Сино, астрономия бўйича Мирзо Улуғбек номларидаги халқаро фан олимпиадалари ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этиш ташаббуси йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ўсиб келаётган авлод аудиториясига йўналтирилган теле- ва радиоканаллар, босма нашрларни бирлаштириб, “Ёшлар медиа холдинги” ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди.

– Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, – дея таъкидлади Президент.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда навқирон авлод вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Давлатимиз раҳбари уларнинг таклифлари бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Йиғилишни видеоконференция орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ёшлар кузатиб борди.

Ўзб
↑↓ танлашEnter очишЁзишни бошланг — натижалар дарҳол чиқади